Тафтиш комиссияси тўғрисида Низом
“4-SONLI MONTAJ BOSHQARMASI” АЖ Навбатдан ташқари акциядорлар Умумий йиғилишининг 2014 йил “22” сентябридаги қарори билан “Тасдиқланган” |
“4 SONLI MONTAJ BOSHQARMASI”
акциядорлик жамиятининг тафтиш комиссияси тўғрисидаги
НИЗОМ
(Янги таҳрир)
Тошкент ш. 2014 йил
1. Умумий қоидалар
1.1. Мазкур Низом “4 SONLI MONTAJ BOSHQARMASI” АЖ Тафтиш комиссияси ва унинг аъзоларининг мақоми, таркиби, ваколатларини, уларнинг иш тартибини ва Жамиятнинг бошқа бошқарув органлари билан ўзаро фаолиятини белгилайди.
1.2. Низом Узбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни ва Жамият Уставига мувофиқ ишлаб чиқилган.
1.3. Тафтиш комиссияси Жамиятнинг доимий сайланувчи органи бўлиб, Жамият, унинг бошқарув органлари, таркибий тузилмалари, хизматлари ва филиаллари фаолияти устидан ички молиявий-хўжалик назоратни амалга оширади.
1.4. Тафтиш комиссияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги, Жамият Устави, мазкур Низом, акциядорлар Умумий йиғилиши ва Кузатув кенгашининг қарорларига асосланади.
2. Тафтиш комиссиясига номзодларни чиқариш
2.1. Жамиятнинг 1 % идан кам бўлмаган овоз берувчи акцияларига эга бўлган акциядор (акциядорлар) Уставда белгиланган муддатлар ичида, йиллик акциядорлар Умумий йиғилишида Тафтиш комиссиясига номзодларни чиқариш ҳуқуқига эга.
Мурожаатномада келтирилган номзодлар сони тафтиш комиссиясининг сон таркибидан ортмаслиги лозим.
2.2. Номзодларни чиқариш бўйича мурожаатнома ёзма равишда, таклифни киритаётган акциядорнинг (акциядорларнинг) исми, унга тегишли бўлган акцияларнинг миқдори ва тури кўрсатилган ҳолда топширилади.
2.3. Жамият Тафтиш комиссиясига номзодлар киритилиши, шу жумладан, ўзини-ўзи тавсия қилиш мурожаатномасида қуйидагилар кўрсатилади:
- номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, шунингдек, (агар номзод Жамиятнинг акциядори бўлса) унга тегишли акцияларнинг миқдори ва тури;
- номзодни тавсия қилаётган акциядорларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, уларга тегишли бўлган акцияларнинг миқдори ва тури.
2.4. Кузатув кенгаши, Уставда кўрсатилган мурожаатларни топшириш муддатидан 10 кундан кечикмаган ҳолда, тавсия қилинган барча номзодларни сайлов асосида овоз бериш учун рўйхатга киритилиши ёки киритилмаслиги ҳақидаги қарорни қабул қилиши шарт.
2.5. Кузатув кенгаши тавсия қилинган номзодларни рўйхатга киритишда қуйидаги ҳолларда рад жавобини бериши мумкин:
- акциядор (акциядорлар) жамият Уставида келтирилган мурожаатларни топшириш муддатига риоя қилмаган бўлса;
- номзодни тавсия қилган акциядор (акциядорлар) Жамият акцияларининг қонунчиликда кўзда тутилган миқдорига эга бўлмаса;
- номзодлар тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ бўлмаса.
2.6. Кузатув кенгашининг номзодни Тафтиш комиссиясига сайловда овоз берилиши лозим бўлган номзодлар рўйхатига киритилмаслиги ҳақидаги асосланган рад жавоби номзодни тавсия қилган акциядорга (акциядорларга), мурожаатнома қабул қилинганидан сўнг уч иш кунидан кечикмаган ҳолда жўнатилади.
Мазкур қарор суд орқали қайта кўриб чиқилиши мумкин.
2.7. Тафтиш комиссиясининг аъзолари бир вақтнинг ўзида Кузатув кенгашининг аъзоси бўлиши, ҳамда Жамиятнинг бошқарувида бошқа лавозимларни эгаллаши мумкин эмас.
3. Тафтиш комиссиясининг сайланиши
3.1. Тафтиш комиссиясининг аъзолари ҳар йили Жамиятнинг йиллик акциядорлар Умумий йиғилишида уч нафар аъзо миқдорида сайланади.
3.2. Тафтиш комиссиясининг аъзолари молия, бухгалтерия ҳисоби, аудит ва солиқ соҳасида сўнгги ўн йил ичида уч йилдан кам бўлмаган амалий иш стажига эга бўлиши, ҳамда Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасалари ёки чет эл давлатининг таълим муассасасида Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ, ва Ўзбекистон Республикасида олинган олий маълумотга тенг деб тан олинган маълумот олган бўлиши лозим.
3.3. Тафтиш комиссиясидаги битта шахс кетма-кет уч марта унинг таркибига сайланиши мумкин эмас. Меҳнат жамоасининг аъзолари тафтиш комиссиясига аъзо бўлиши мумкин эмас.
3.4. Тафтиш комиссиясининг аъзоси, иштирок этувчи акциядорларнинг кўпчилик овози билан сайланган деб тан олинади.
3.5. Тафтиш комиссиясининг ваколати акциядорлар Умумий йиғилишининг қарори билан муддатдан олдин тўхтатилиши мумкин.
3.6. Агар унга берилган ваколат даври ичида тафтиш комиссиясининг аъзоси ўз фаолиятини тўхтатмоқчи бўлса, у бу ҳақида комиссия раисини ва Кузатув кенгашини фаолиятини тўхтатишдан бир ой олдин огоҳлантириши лозим. Бу ҳолда, акциядорлар Умумий йиғилиши ўзининг энг яқин йиғилишида бошқа аъзони сайлайди. Тафтиш комиссияси аъзосининг ваколати қуйидаги ҳолларда ҳам тўхтатилиши мумкин:
- мажбуриятларнинг бажарилишига жисмоний имконият мавжуд бўлмаганида (ўлим, бедарак йўқолган деб тан олиниш, ўлган деб эълон қилиниш);
- Тафтиш комиссияси аъзосини Кузатув кенгашига ёки жамиятнинг бошқа бошқарув органларига аъзо бўлиб тайинланиши ;
- ўз мажбуриятларини эътиборсиз қолдириши: икки мартадан ортиқ Тафтиш комиссиясининг йиғилишига келмаслик, комиссия раисининг кўрсатмаларини бажармаслик.
Тафтиш комиссиясининг аъзоси ваколатининг муддатдан олдин тугатилиш ҳақида комиссия раиси, агар у бўлмаса, комиссия аъзоларидан бири Кузатув кенгашини хабардор қилиши шарт.
4. Тафтиш комиссиясининг ваколати
4.1. Тафтиш комиссияси жамиятнинг молиявий-хўжалик фаолияти текширувини амалга оширади.
4.2. Жамият молиявий-хўжалик фаолиятининг текшируви Тафтиш комиссияси, акциядорлар Умумий йиғилиши, Кузатув кенгашининг ташаббуси билан ёки Жамиятнинг камида беш фоиз овоз берувчи акцияларига эгалик қилувчи акциядор (акциядорлар) талаби билан, 1 йил ёки бошқа давр учун, Жамият Кузатув кенгашини аввалдан хабардор қилиш йўли билан амалга оширилади.
4.3. Жамиятнинг бир йил ичидаги молиявий-хўжалик фаолияти текшируви тўлиқ бўлиши лозим. Молиявий йил давомида амалга оширилувчи текширувлар қисман (танлаб олинган) бўлиши мумкин.
4.4. Тафтиш комиссияси Жамият хўжалик-молиявий фаолиятининг факт ва ҳужжатлар назоратини амалга оширади.
Ҳужжатлар назорати ўз ичига бошланғич ҳужжатлар, ҳисоб ёзувлари ва ҳисоботларда келтирилган маълумотлар асосида текширувни олади.
Факт назорати ўз ичига қуйидагиларни олади:
4.4.1. Корхонага келиб тушган моддий бойликларнинг мавжудлиги.
4.4.2. Моддий бойликларнинг инвентаризацияларда иштирок этиши.
4.4.3. Амалга оширилаётган операцияларни аниқ текшируви, пул, товар-моддий ва асосий маблағлар сақланадиган жойларни кўриб чиқиш.
4.5. Ўз вазифаларини бажаришда тафтиш комиссияси ва унинг аъзолари қуйидаги ишларни бажаради:
- жамиятнинг молиявий ҳужжатлари, мулкни инвентарлаштириш комиссияси хулосасини текшириш, кўрсатилган ҳужжатларнинг бухгалтерия ҳисоби маълумотларга мувофиқлигини таққослаш;
- бухгалтерия ва статистика ҳисобларининг мавжуд меъёрий талабларга мувофиқлигини таҳлил қилиш;
- Жамиятнинг молиявий вазияти, унинг тўлов қобилияти, активлар ликвидлиги, ўз ва қарз маблағларининг мутаносиблигини таҳлил қилиш, корхонанинг иқтисодий ҳолатини яхшилаш заҳираларини аниқлаш ва жамият бошқарув органлари учун тавсияларни ишлаб чиқиш;
- жамиятнинг баланслари, солиқ инспекцияси ва давлат бошқарув органлари учун ҳисобот ҳужжатларининг тўғри тузилиши текшируви;
- акциядорлар йиғлиш қарорларини таҳлил қилиш, уларда қонунчилик ва меъёрий ҳужжатлар билан номутаносиблик аниқланганида, уларни ўзгартириш борасида таклифлар киритиш.
- Кузатув кенгаши ва Директор томонидан қабул қилинган қарорларнинг қонунийлиги, уларнинг Жамият Устави ва акциядорлар йиғилиши қарорларига мувофиқлигини текшириш.
4.6. Тафтиш комиссияси текшируи натижасида хулоса тузилиб: хатоликлар ошкор этилиши, шахсларнинг муайян далиллари ва ҳаракатлари кўрсатилиши, бирламчи манбалар ва ҳисоб ҳужжатлари, камчиликларни яшириш сабаблари, қонуньузарликлар ва суиистеъмолга йўл қўйилган ҳаракатлар акс эттирилиши керак. Хулоса сўнгида, зарур ҳолатларда Жамият ходимларининг ҳамда мансабдор шахслардан ҳам тушунтириш хатлари илова қилиниши керак.
4.7. Жамиятнинг молиявий-хўжалик фаолияти текшируви натижаларига кўра, Тафтиш комиссияси, ўз ичига қуйидаги маълумотларни олган, хулосани тузади:
- Жамиятнинг ҳисоботлари ва бошқа молиявий ҳужжатларининг ҳаққонийлигига берилган бахо;
- молиявий хўжалик фаолиятни амалга оширишда йўл қўйилган бухгалтерия ҳисобидаги ва молиявий ҳисоботлардаги бузилишлар, ҳамда қонунчилик бузилишлари тўғрисидаги маълумотлар.
4.8. Ҳар чоракда бир марта Тафтиш комиссияси Кузатув кенгашининг мажлисига аффилланган шахслар билан ёки жамиятда мавжуд йирик битимлар, ҳамда жамият томонидан бундай битимларни амалга оширишда қонунчилик талабларига ва ички ҳужжатларга риоя этилиши ҳақидаги хулосани олиб чиқади.
5. Тафтиш комиссиясининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари.
5.1. Текширувларни ўтказишда Тафтиш комиссиясининг аъзолари уларга текширув предметига оид бўлган, тақдим этилган барча ҳужжат ва материалларни керакли тарзда кўриб чиқиши ва ўз вақтида акциядорлар йиғилиши, Кузатув кенгаши, Директор эътиборига амалга оширилган тафтиш текширувлари натижаларини хулоса тарзида тақдим қилишлари лозим.
Нотўғри равишда тузилган хулосалар учун Тафтиш комиссияси қонунчиликка мувофиқ жавобгарликни зиммасига олади.
5.2. Тафтиш комиссияси ва унинг аъзолари ўз вазифаларини керакли равишда бажарилиши учун қуйидаги ҳуқуқларга эгадирлар:
- Тафтиш комиссиясининг иши учун зарур бўлган, ўрганилиши тафтиш комиссиясининг ваколати ва вазифаларига мувофиқ бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни, ёзма равишда мурожаатдан сўнг, Жамият бошқарув органлари, унинг хизмат ва бўлинмаларининг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслардан олиш. Кўрсатилган ҳужжатлар уч иш кунида Тафтиш комиссиясига тақдим қилиниши лозим.
- моддий бойликларни инвентарлаштириш ва рўйхатдан чиқариш комиссияларида иштирок этиш, Кузатув кенгаши мажлисларида овоз бериш ҳуқуқи билан иштирок этиш;
- Жамият ишлаб чиқариш-хўжалик, молиявий, ҳуқуқий фаолиятида бузилишлар ёки Жамият манфаатларига таҳдидлар аниқланганида, уларнинг ҳал қилиниши Жамиятнинг мазкур бошқарув органлари ваколатига кирган бўлса, ваколатли шахслардан Кузатув кенгашининг, акциядорлар йиғилишининг мажлисларининг йиғилишини талаб қилиш;
- Жамият ишлаб чиқариш-хўжалик, молиявий, ҳуқуқий фаолиятида бузилишлар ёки Жамият манфаатларига таҳдидлар аниқланганида акциядорлар йиғилишини чақириш;
- Тафтиш комиссиясининг ваколати доирасидаги масалалар юзасидан ходимлардан, шу жумладан, мансабдор шахслардан шахсан тушунтириш беришларини талаб қилиш;
- ўз ишига шартнома асосида, жамиятда штат лавозимларни эгалламаган мутахассисларни жалб қилиш;
- Биржа томонидан қабул қилинган низомлар, қоидалар ва йўриқномалар бузилганида, мансабни суиистеъмол қилиш ҳолатлари аниқланганида, Жамият бошқарув органлари, унинг бўлинмалари ва хизматлари олдида, Жамият ишчиларининг, шу жумладан мансабдор шахсларининг, масъулияти тўғрисидаги масалани кўтариш.
6. Тафтиш комиссиясининг иш тартиби.
6.1. Тафтиш комиссияси ўз таркибидан, кўпчилик овоз бериши йўли билан Раис ва котибни сайлайди.
6.2. Комиссия Раиси мажлисларни чақиради ва ўтказади; Кузатув кенгаши, Директор ва акциядорлар йиғилиши олдида комиссия номидан вакиллик қилади; унинг номидан чиқаётган ҳужжатларга имзо чекади.
Тафтиш комиссиясининг котиби унинг мажлисларида баённома юритилишини ташкиллаштиради, тафтиш комиссиясининг ҳужжат ва хулосаларининг адресатларга етказилишини таъминлайди.
6.3. Тафтиш комиссияси мажлисларини заруриятга кўра, ҳамда текширувдан олдин ва унинг натижаларига асосан ўтказади.
Тафтиш комиссиясининг қарори зарур бўлган бузилишлар аниқланганида, Тафтиш комиссиясининг аъзоси комиссия мажлисини зудлик билан чақиришни талаб этиши мумкин.
Агар, Тафтиш комиссиясининг мажлиси ташкиллаштирилмаса, мажлис чақирилишини талаб этаётган комиссия аъзоси, бу ҳақида Кузатув кенгашини хабардор қилиши шарт.
6.4. Тафтиш комиссиясининг мажлислари бевосита иштирок тарзида ўтказилади.
Агар Тафтиш комиссиясига сайланган аъзолардан ярми иштирок этса, бундай мажлис қонуний кучга эга деб тан олинади.
6.5. Тафтиш комиссиясининг ҳар бир аъзоси бир овозга эгадир. Қабул қилинган қарорлар, ҳужжатлар ва хулосалар кўпчилик овози билан комиссия аъзоларининг номма-ном овоз бериши йўли билан тасдиқланади.
6.6. Қабул қилинган қарорга рози бўлмаган комиссия аъзоси, ўз фикрини ёзма равишда тақдим қилиб, Жамият бошқарув органларига етказиши мумкин. Тафтиш комиссия аъзосининг алоҳида фикри комиссия мажлиси баённомасида акс эттирилиши шарт.
6.7. Тафтиш комиссия мажлислари баённомалаштирилади.
Баённомада қуйидагилар кўрсатилади:
- мажлис ўтказилган санаси, вақти ва жойи;
- мажлисда иштирок этган шахслар;
- мажлисда кўрилган масалалар ва улар бўйича номма-ном овоз бериш натижалари;
- қабул қилинган қарорлар.
Баённома мажлисга раислик қилувчи шахс томонидан имзоланиб, у баённоманинг тўғри тузилганлиги учун масъулдир.
Комиссия аъзоларининг алоҳида фикрлари баённомага илова қилинади.